Меню
Саватчангиз
Ўзбекистондан харид қилиш

«Имом Аъзам»

«Имом Аъзам»

(Ҳанафий мазҳабининг асосчиси Нуъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳ)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
    «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар», деб марҳамат қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! 
    «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деб олимларнинг даражасини билдириб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!
    Динни етказишдек оғир масъулиятни чиройли адо қилган олим саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин.
Маълумки, юртимизда ўн икки асрдан буён ибодатлар ҳанафий мазҳаби асосида адо этиб келинади. Ҳанафий мазҳабининг юртимизга кириб келиш тарихи ҳижрий 150-217 саналарда яшаб ўтган Абу Ҳафс Кабир раҳматуллоҳи алайҳ билан боғлиқдир. У киши имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдан ҳанафий фиқҳини ўрганиб, Бухорога келганларида мана шу мазҳаб бўйича таълим бердилар. Натижада ушбу фиқҳий йўналиш юртимизда расмий ибодат қилинадиган мазҳабга айланди. Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган неча-неча хонлар, подшоҳлар ва уларнинг фуқаролари айнан ҳанафий мазҳаби асосида ибодат қилиб келишган. 
    Сўнгги пайтларда ҳанафий мазҳабини қоралаб, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга тош отувчи кимсалар пайдо бўлиб қолишди. Минг афсуски, авом халқ уларнинг бу фитнасига учиб, Абу Ҳанифадек буюк тобеъинни «У ҳадисларни ташлаб, ҳукмларни ўз раъйи билан чиқарган», деб қоралаб юришибди. 
    Араб тилида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида ёзилган китоблар жуда кўп. Бу китобларда у зотга нисбатан билдирилган нотўғри фикрларнинг барчасига илмий услубда раддиялар берилган. 
    Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизда ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида ўзбек тилида ёзилган китоблар бор. Лекин баъзи ғаламисларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида айтган уйдирма ва асоссиз гапларига илмий раддия бериб, асл ҳақиқатни ёритиб берадиган китоб ҳанузгача ёзилмади.
    Илмий суҳбатларимизнинг бирида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида билдирилган салбий фикрларга илмий услубда раддия берадиган китоб йўқлигини ва халқимизнинг шундай китобга катта эҳтиёжи борлигини айтиб ўтган эдим. Бу фикрим баъзи азизларимизга маъқул келиб, бир куни қабулимга келишди. Улар айнан мен айтган мавзуда китоб ёзиш ниятида эканларини билдириб, «Бу ишда ўзингиз бош-қош бўлиб, бизларга йўлланма бериб, асосан қайси мавзуларга урғу бериш кераклигини, китобни ёзишда қандай адабиётлардан фойдаланишимизни айтсангиз», дейишди. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Улар билан ушбу китобни биргаликда, баҳамжиҳат ёзишга келишдик. Ҳақларига дуо қилиб, керакли манбаларни бердим.
    Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бошлаган ишимиз ниҳоясига етиб, бу азизлар Қурбон ҳайитида ушбу китобни тугаллаб, ҳузуримга олиб келишди. Китобни Айюбхон домлага бериб, таҳрир қилдириш лозимлигини айтдим. Мана, бир неча таҳрир ва тузатишлар киритганимиздан сўнг сиз азизларга ушбу китобни тақдим қиляпмиз. Уни ўқигач, турли-туман асоссиз гапларга ишониб, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида нотўғри фикрда юрганлар ўз фикрларидан қайтишларини ва аслида ҳақиқат нимада эканини билиб, улуғ зотлар ҳақида яхши гумонда бўлишларини Аллоҳдан умид қилиб қоламиз.
    Аллоҳ барчаларимизга тўғри йўлни кўрсатишини ва уламоларни ҳурмат қилиб, уларнинг изларидан боришимизни насиб айласин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Тошкент, 2014 йил 5 октябрь

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Муқаддима
    Илмларига амал қилувчи фақиҳларнинг валийси, тақводор бандаларига ёрдам берувчи, илм эгаларининг даражаларини кўтарувчи, Ўзининг нури ила тўғри йўлни ёритувчи, қиёмат куни илм эгаларини Ўз бандалари учун шафоатчи қилган, улар сабабли динни сақлайдиган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин!
Пайғамбарларнинг афзали, бандалар орасида Аллоҳ таолони яхшироқ танувчи, Аллоҳ у зот туфайли бандаларини залолатдан ҳидоятга бошлаб, ғафлатдан уйғотган, ўз ҳадисларида: «Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деб уларни илмга тарғиб қилган, «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дея ўз умматларини динда фақиҳ бўлишга қизиқтирган Расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, аҳли байтлари, асҳоблари ва у зотга эргашганларга Аллоҳ таолонинг салоту саломлари бўлсин!
    Аммо баъд:
    Ислом динини соф ҳолда, кўрсатмаларини мукаммал тарзда, барча замонлару маконларга мувофиқ келадиган, йўлни ёритувчи машъала сифатида сақлаб, қиёматга қадар ўзгартириш киритиш каби иллатлардан Ўз муҳофазасига олишни ваъда берган Аллоҳ бу динни олимлар ва мужтаҳид имомлар қўлига топшириб қўйди. Улар Аллоҳнинг Китобини тафсир қилдилар, ҳукмларини баён этдилар, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳамда саҳобалар ва тобеъинларнинг сўзларини жамлаб, ёд олдилар. Шунингдек, фаҳм-фаросатлари ва илмларини Китоб, Суннат ҳамда энг хайрли замон одамлари, яъни саҳобаларнинг сўзлари ва фикрларини англашга сарфладилар. Аниқ далили бўлмаган янги масалаларда ижтиҳод қилдилар, улар юзасидан ўз ижтиҳодлари ила ҳукм чиқардилар. Шу тариқа бизларга барча масалаларга мукаммал жа-воб берилган илм қолдирдилар. Ечилмаган масалаларни ҳал қилиб кетдилар. Боши берк кўчага кириб қолганларга тўғри йўлни кўрсатдилар. Китоб ва Суннатдан келиб чиқиб, уларда келган ҳукмлар асосида барча асрларда содир бўладиган, шунингдек, инсоннинг шахсий ҳаёти ва ижтимоий муомала-муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган янги ҳолатлар устида бош қотириб, улар юзасидан ҳукм чиқариш учун шаръий қоидалар тузиб чиқдилар. Улардан кейинги асрларда яшаб ўтган фақиҳлар эса улар тутган йўлни бугунгача давом эттириб, ҳаётга татбиқ этиб келмоқдалар.
Жамият ҳаётида қандай янги воқеа ёки мушкул бир масала юзага келмасин, улар қаерда, қачон ва қай ҳолатда содир бўлмасин, барчасининг ҳукми Ислом шариатида фақиҳлар томонидан Қуръони Карим, Суннат, саҳобалар, тобеъинлар ва мужтаҳидлар ижтиҳодидан келиб чиқиб баён қилиб қўйилган. Зеро, Ислом дини қиёматгача боқий қоладиган, барча замон ва маконга мос келадиган ягона диндир.
    Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинким, мустақиллик шарофати билан диний адабиётларимиз кўпайиб, халқимизнинг диний билимларга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда. Лекин минг афсуслар бўлсинки, Ислом динини бузиш, фиқҳ илмини таҳқирлаш, буюк саҳобалар ва улар билан боғлиқ тарихий воқеаларни бузиб кўрсатиш мақсадида чет эл нашриётларида чоп этилган китобларни ўзбек тилига ўгириб, интернет саҳифаларига жойлаштириш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ғаразли мақсадларда таржима қилинган ана шундай китобларни мазкур сайтлардан ўқиб олиб, Ислом уламолари ҳақида салбий фикрда юрганлар йўқ эмас. 
    Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида баъзи ғаламислар томонидан ёзилган турли китоблардан асоси йўқ маълумотларни ўзбек тилига ўгириб, интернет сайтлари орқали баъзи ёшларнинг онгини заҳарлаётган душманлар йўқ эмас. Улардаги Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида ёзилган ёлғон маълумотларни ўқиб олиб, ҳанафийлар адашган экан, деювчиларнинг пайдо бўлгани ҳар қандай кишини ташвишга соладиган ҳолатдир.
    Ушбу китобни ёзишга ундаган асосий омиллардан бири мана шудир. Қуйида келадиган сатрларда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг аслида қандай буюк зот бўлганлари, у кишига нисбатан айтилган уйдирма гаплар мутлақо асоссиз эканлиги ва мазҳаббошимизнинг Ислом умматига қилган буюк хизматлари билан танишиб чиқамиз.
Аллоҳ барчаларимизни улуғ зотлар ҳақида яхши сўзларни айтадиган солиҳ бандаларидан қилсин!

Ғоя муаллифи: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Муаллиф: Муҳаммад Айюб Ҳомидов, Обид Мирҳамидов, Абдулазиз Усмонов, Акмал Мирҳамидов 
Нашриёт: «Hilol-Nashr» нашриёт-матбааси
Сана: 2021 йил (2018, 2019)
Ҳажми: 360 бет
ISBN: 978-9943-5774-2-8
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил майдаги 2687-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

Мундарижа
Муқаддима
Шаръий илмнинг фазилати
Фиқҳ илмининг аҳамияти
Фиқҳнинг манбалари
Фақиҳлар
Энг илмли саҳобалар
Абдуллоҳ ибн Масъуд
Ҳаммод ибн Абу Сулаймон
Машҳур муҳаддисларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида айтган сўзлари
Аллоҳ таолонинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга ато этган улуғ фазли
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг насаблари, илмий фаолиятлари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари Ҳаммодга шогирд тушиб, фиқҳ илмини ўрганишлари ва у зотга нисбатан ҳурматлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг дарс беришга чанқоқликлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ижтиҳодий масалаларни аниқлаш ва уни ёзиб қўйишда тутган йўллари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларини эҳтиром қилишлари ва уларни илмга қизиқтиришлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур шогирдлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ кўрган саҳобаи киромлар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг сифатлари ва хилқатлари ҳамда машҳур уламоларнинг бу борада айтган сўзлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг гўзал ахлоқлари
У зотнинг Аллоҳга нисбатан ахлоқлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг инсонларга нисбатан ахлоқлари
Буюк инсонларнинг у зот ҳақларида айтган сўзлари
Имом Абу Ҳанифанинг сифатлари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабдаги усуллари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фиқҳлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳларининг йўналиши 
Имом Абу Ҳанифанинг ҳадислари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг саҳобаи киромлардан қилган ривоятлари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадисдаги фиқҳларидан намуна
Абу Ҳанифанинг «жарҳ ва таъдил» илмига қўшган ҳиссалари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадисни ҳифз қилишлари ва ҳадис борасида ёзган китоблари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг нассларга амал қилишдаги усуллари
Шубҳаларни ҳақиқатлар билан даф қилиш
Баъзиларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан айблов қўйишининг умумий сабаблари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақийдалари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг тарбиялари ва таълим беришлари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг таълиф қилган китоблари
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётдаги қийинчиликлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотларидан сўнг
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларининг тарқалиши
Фақат тўрт мазҳабнинг қолишидаги ҳикмат
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтган дурдона сўзлар
Уламоларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи 
алайҳ ҳақларида айтган фикрлари
Фойдаланилган адабиётлар


Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши