«Зикр аҳлидан сўранг» тўплами 1-қисми
- Stock: In Stock
- Model: 230
- Weight: 0.46kg
- ISBN: 9789943577459
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Зикр аҳлидан сўранг» тўпламининг 1-қисми
ИККИНЧИ НАШР МУҚАДДИМАСИ
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Алийму Хобийр Аллоҳ таолонинг инояти ила бундан роппа-роса олти йил аввал «Зикр аҳлидан сўранг» ойномасининг илк сонини нашр этишга муваффақ бўлган эдик.
Валий ва Ҳамийд У зотга беҳад, беадад шукурлар бўлсинким, бугунги кунда ушбу мўъжазгина ойномамизнинг 100-сони ҳам китобхонлар қўлига етиб борди. Шу вақтгача бир ярим мингга яқин турли саволларга имкон қадар жавоб бериб келдик. Аммо китобчамизнинг ҳажми чекланган бўлганлиги сабабли, ҳамма саволларга ҳам батафсил жавоб беришнинг имкони бўлмай, кўпгина саволларнинг жавоби қисқароқ бўлиб қолганлиги ҳам сир эмас.
Ушбу савол-жавоблар каттароқ китобда жамланишини сўраган китобхонларимизнинг талаб ва истакларни ҳисобга олган ҳолда «Зикр аҳлидан сўранг» ойномамизни йирикроқ тўплам сифатида қайта нашр этишга киришдик. Бунда, албатта, аввалги китобчаларимиздан фарқли бир қанча жиҳатлар бўлишини ҳам мулоҳаза қилдик. Масалан, аввалги китобчалар ён чўнтакда олиб юришга мўлжалланганлиги сабабли, оят ва ҳадисларнинг арабий матнини илова қилмаган эдик. Эндиги тўпламимизда эса оят ва ҳадисларнинг матнини тўлиқ келтириб, уларнинг шарҳига ҳам етарлича ўрин ажратилди.
Аввалги китобчалар долзарб саволларга тезкор жавоблар тарзида бўлганлиги учун, уларни маълум бобларга саралашнинг имкони йўқ эди. Мазкур тўпламда эса саволларни фиқҳий масалалар бўйича турли бобларга ажратиб, умумлаштириб бердик. Албатта, бунда бир масала бўйича саволларнинг такрорланиб келишининг олдини олиш ҳам мумкин бўлди. Қолаверса, китобхонларнинг ўзларини қизиқтирган мавзуъларни топишлари ҳам осонлашди.
Китобхонлардан келган саволларни иложи борича таҳрир қилмасдан ҳавола этиш фикримиз аввалги китобчаларимизда умумий ҳолатни англаб олишимизга ёрдам берган эди. Маълум бўлишича, кўпгина китобхонларимизнинг дийний, дунёвий ва ҳаттоки имловий саводлари ҳам ҳавас қиларли даражада эмас экан. Баъзан савол матнидан аниқ бир маънони англаб олиш қийин бўлган ҳолатлар ҳам учраб қоларди. Бошловчи намозхон ҳам билиши шарт бўлган жўнгина саволларни қайта-қайта сўрайвериш оддий ҳолга айланиб қолди. Баъзан эса, ғаразли мақсадларда берилган саволлар ҳам келиб турарди.
Ушбу савол-жавобларнинг иложи борича давомий, барча учун хайрли ва фойдали ҳамда холис бўлишини кўзлаб, эндиги тўпламимизда саволларимизни маъно ва имло нуқтаи назаридан иложи борича яхшилаб таҳрир этишга ҳаракат қилдик. Бунда ушбу саволлар орқали ҳам китобхонларимизнинг умумий саводларини оширишни, хусусан, савол бериш одобини ўргатишни бош мақсад қилиб белгиладик.
Турли сабабларга кўра аввалги китобчаларимизда қисқароқ жавоб берилган саволларга мазкур тўпламда кенгроқ, иложи борича батафсил жавоб беришга ҳаракат қилдик.
Айни пайтда, маълум бир мавзуъдаги такрорий саволларни умумлаштириб, ўша мавзуъга оид асосий далил-ҳужжатларни келтирган ҳолда, атрофлича жавоб беришни маъқул кўрдик. Ушбу мавзуъ бўйича берилиши мумкин бўлган яна бошқа саволларни ҳисобга олиб, баъзи жавобларга анчагина кенг ўрин ажратдик.
Китобхонлар орасида турли тушунмовчиликлар ва ихтилофлар чиқмаслиги учун яна бир бор таъкидлаб айтамизки, ушбу тўпламдаги саволларга биз ўз фикримиздан келиб чиқиб эмас, балки шаръий масдарларга суянган ҳолда жавоб бериб, аниқ бир масала юзасидан шариатнинг ҳукмини илмимиз етган даражада баён этдик. Шу маънода аввалги китобчаларимиздаги баъзи савол-жавобларни қисқартириб, баъзиларини тўлатишга ва яна баъзиларига бир оз аниқлик киритишга ҳам тўғри келди. Шунинг учун, ушбу тўплам асосий манбаъ деб қаралиши лозимлигини алоҳида таъкидлаймиз.
Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи: «Зикр аҳлидан сўранг» 1-қисм
Нашриёт: «Hilol» нашриёт-матбааси
Сана: 2021йил (2014, 2016, 2018, 2020)
Ҳажми: 400 бет
ISBN: 978-9943-7035-5-1
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ
Ушбу китобда қуйидаги масалаларга оид маълумотлар олишингиз мумкин: